Yangiliklar

VITADENT ЖАМОАСИ БИЛАН ИНТЕРВЬЮ

Қадрли дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0 акселераторининг иштирокчи жамоалари билан интервьюлар туркумини давом эттирамиз.

 

Бугун биз кариесни ва ортга қайтариб бўладиган тишлар пульпитини даволаш  учун пломбалаш хомашёсини ишлаб чиқишни кўзда тутувчи лойиҳа муаллифлари – VitaDent жамоаси билан суҳбатлашдик.

 

Лойиҳангиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Бозорга нима чиқаришни режалаштиряпсизлар?

Лойиҳа кариес ва ортга қайтариб бўладиган тишлар пульпитини даволаш учун маҳаллий хомашёдан янги стоматологик даволовчи пломбалаш материалини ишлаб чиқишга йўналтирилган. Лойиҳа мақсади – маҳаллий стоматология бозори учун ушбу препаратни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.

 

Жамоангизда қандай мутахассислар фаолият кўрсатмоқда?

Йўлдошев Абдуқодир – лойиҳа раҳбари, стоматолог, SMM-менежер

Содиқова Ирода – стоматолог-шифокор, препарат яратувчиси, ғоя муаллифи

Раимжонов Рустамбек – стоматолог-шифокор, морфология бўйича мутахассис

Саломов Азизбек – ассистент, стоматолог

 

 

Лойиҳангиз кўпроқ қайси сегментга мўлжалланган – B2B гами ёки B2C га?

Лойиҳамиз кўпроқ B2B сегментига мўлжалланган, чунки препаратимиздан кариес ва тишлар пульпитини даволаш учун фойдаланадиган стоматологлар мижозларимиз ҳисобланади.

 

 

 

❓Тажриба намунасини ишлаб чиқишга улгурдингизми?

Ҳа, прототипни яратдик. 2019 йил бошидан буён препаратимизнинг клиник тадқиқотларини ўтказяпмиз, натижалар жуда яхши, ҳозирча ҳеч қандай асоратлар бўлмади.

 

 

Пульпитни даволаганда кўп ҳолларда нерв бутунлай олиб ташланади. Сизнинг препаратингиз олиб ташлаш процедурасининг ўрнини тўлиқ боса оладими ёки барибир ундан фойдаланиш учун муайян клиник кўрсатмалар бўлиши керакми?

Стоматологларнинг кўпчилиги тиш пульпитини даволашни хоҳламай, пульпитни олиб ташлаган ҳолда эндодонтик аралашувга ўтади. Аммо эндодонтик даволаш ишларининг муваффақияти ҳатто энг идеал шароитларда ҳам 80% дан ошмайди, бунда асоратлар бўлиши ва илдиз каналларини такрор даволаш каби қийин жараён талаб этилиши мумкин. Ёшлар учун пульпанинг яшаш қобилиятини сақлаб қолиш жуда муҳим, агар у нобуд бўлса, тиш “ўликка” айланади, бу тишлар трофикасини бузади, натижада тиш мўрт бўлиб қолади.

 

Дентиннинг чуқур кариеси, геперемияланган пульпит, ўткир ўчоқли пульпит, травматик пульпит каби пульпитнинг ортга қайтариб бўладиган шакллари препаратимиздан фойдаланиш учун клиник кўрсатмалар ҳисобланади. Шунингдек препаратимизни сурункали периодонтитни даволашда яллиғланишга қарши вақтинчалик антисептик восита сифатида ҳам қўллаш мумкин.

 

 

Препаратингиз қўлланганидан кейин тиш оғриғи яна қайталаши эҳтимоли қай даражада?

Биз 2019 йил бошидан буён препаратимизнинг клиник тадқиқотларини ўтказиб келамиз, натижалар жуда яхши, ҳозирча беморлар томонидан бирортаям шикоят бўлгани йўқ, шунингдек қайталашлар ёки асоратлар ҳам қайд этилмаган. Тиш оғриғи бўлмайди, чунки препарат таркибида оғриқни қолдирувчи ва махсус моддалар бор, бу денталгиянинг олдини олади.

 

 

Препаратингизнинг аналоглари борми? Агар бор бўлса, унда препаратингиз улардан қай даражада арзон бўлади?

Бир нечта аналог мавжуд, уларнинг ҳаммаси хорижда – Россияда, Германияда, АҚШда ишлаб чиқарилган. Бизнинг препарат ўз таркиби бўйича улардан фарқ қилади, нархи эса улар билан солиштирганда 4-5 баравар арзон.

 

 

Илғор Технологиялар Марказининг лабораториясидан фойдаланишни режалаштиряпсизми? Агар режалаштираётган бўлсангиз, унда нима мақсадларда?

Ҳа, биз муайян лаборатория тадқиқотларини ўтказмоқчимиз. Пульпа препаратимиз билан қопланганидан кейин дентиннинг микроэлементлар таркибини аниқлаш, қопламадан кейин оғиз бўшлиғининг рН муҳитини аниқлаш, чекка ўрнашишни ва препарат адгезиясини ҳисоблаш ҳамда бошқа тадқиқотлар шулар жумласидандир.

 

 

___________________

Facebook тармоғидаги саҳифамиз: https://www.facebook.com/cat.science.accelerator/

Telegram-каналимиз: https://t.me/CATscienceAccelerator

Сайтимиз: http://cat-sa.uz/

Обуна бўлинг ва янгиликларни кузатиб боринг!

Все новости