Yangiliklar

WOUND CARE LAB ЖАМОАСИ БИЛАН ИНТЕРВЬЮ

Дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0 иштирокчи жамоалари билан интервьюлар сериясини давом эттирмоқдамиз.

Бугун биз Wound Care Lab жамоасидан тўқилмаган асосга эга турли хил этиологиядаги жароҳатлар учун замонавий боғлаш материалларини ишлаб чиқиш лойиҳаси ҳақида суҳбатлашдик.

 Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз. Қандай маҳсулотларни ишлаб чиқаришни режалаштиргансиз? Бу лойиҳа ғояси қандай пайдо бўлди?

Лойиҳамиз «Замонавий яра қопламалари» деб номланади. Биз турли хил этиологиядаги яралар учун тўқилмаган асосга эга замонавий боғлаш материалларини  яратамиз – булар дока, пахта толаси ёки бошқа мато эмас, балки биологик мослашадиган ва биологик парчаланадиган полимер моддалардир.

Ушбу ғоя биз биополимерлар билан ишлашни бошлаганимизда ва мамлакатимизда биотиббиётда қўллаш учун улардан қандай янги нарсаларни яратиш мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлаганимизда пайдо бўлди. Биз Интернетдан изладик, илмий мақолаларни ўқидик, муаммоларни аниқладик ва яраларни даволаш ва парвариш қилиш учун материал ишлаб чиқамиз деган хулосага келдик. Куйишлар, сурункали яралар ва жарроҳлик амалиётидан кейинги яралар, ётаверишдан юзага келувчи яралар махсус даволаш ва тегишли боғлаш турини талаб қилади. Бундан ташқари, боғлаш материллари бозори тез суръатлар билан ўсиб бормоқда, улар фармацевтика ва тиббиёт саноатида катта улушга эга.

  Жамоангизда неча киши бор? Сиз қайси соҳаларга ихтисослашгансиз?

Айни пайтда жамоамиз уч кишидан иборат, биз ҳаммамиз ёш ишлаб чиқарувчи мутахассислармиз:

Жумаев Алишер – лойиҳа муаллифи, ЎзМУ Биология факультетининг Биотехнология кафедраси таянч докторанти.

Миракбарова Зебиниса – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биофизика ва биокимё институтининг таянч докторанти.

Юсупов Улуғбек – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти илмий ходими.

Лойиҳадаги вазифалар ўзаро бўлиб олинган. Мен боғлаш материалининг ўзини ишлаб чиқиш билан шуғулланаман, Зебиниса ва Улуғбек эса физикавий-кимёвий кўрсаткичлар ва баъзи биологик фаолликларни ўрганади. Тез орада жамоамизга маркетолог ва молиячи керак бўлади.

  Боғламаларингизнинг одатий бинтлар ва бошқа боғламалардан асосий устунлиги нимада?

Бизнинг яра учун қопламаларимиз  классик материалларга нисбатан бир нечта афзалликларга эга. Бу:

Ноадгезивлик, яъни боғлама ярага ёпишмайди ва шу тариқа қайта жароҳатланишнинг олди олинади. Жароҳатни анъанавий парвариш қилишда боғлама кўпинча яра суюқлиги ёки қон билан бирга қуриб, ярага ёпишиб қолади, бу эса боғлаш жараёнинини оғриқли ва ёқимсиз қилади.

Яра экссудати (суюқлиги)нинг адсорбцияси. Маълумки, баъзи яралар суюқликнинг ўртача ва кўп чиқиши билан ажралиб туради ва суюқлик касаллик инфекциялари кўпайиши учун қулай муҳит яратади. Бизнинг боғламаларимиз яралар оқишини инфекциялар билан бирга ўз қалинлиги ичида “ёпиб қўйиб” шимиб олади ва тутиб туради, боғламалар таркибидаги  микробларга қарши дори моддалари эса уларни йўқ қилади. Бу жароҳатни даволаш жараёнини тезлаштиришга ёрдам беради.

Ҳаммаси биттада. Яъни, замонавий боғламалар таркибида яраларни даволашга ёрдам берадиган фаол моддалар туфайли «фаол» деб ҳам номланади. Бу қулай: беморга бир нечта воситаларни алоҳида-алоҳида сотиб олиш шарт эмас, бу боғлаш процедураси учун зарур бўлган пул ва вақтни тежайди. Бундан ташқари: малҳамлар, геллар ва бошқа препаратлар ишлатилганда кўпинча оқади, қурийди ёки буғланади, яъни улар маълум (кўпинча қисқа) вақт давомида амал қилишади. Маҳсулотларимиздан фойдаланганда, фаол моддалар боғлаш жойидан аста-секин ва тенг равишда ажралиб чиқади ва шу тариқа ярани қоплаб туришнинг бутун даври давомида таъсир қилади.

 Сиз фақат битта турдаги дори моддалари билан боғлаш воситаларини ишлаб чиқаришни режалаштиряпсизми ёки ҳар хил турдаги яралар учун бир нечта турдаги боғламалар бўладими?

Биринчи босқичда биз икки хил замонавий боғламаларни ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз: биринчиси, қуруқ яралар учун боғлама бўлиб, у нам муҳитни таъминлайди ва таркибида доривор моддалар мавжуд; иккинчиси – ярадан ўртача ва кўп суюқлик оқадиган жароҳатлар учун шимиб олувчи боғлама, шунингдек таркибида фаол моддалар мавжуд. Келажакда яраларни чандиқсиз даволашга ёрдам берадиган, яъни чандиқ пайдо бўлиш хавфини камайтирадиган ва қонни тўхтатувчи таъсирга эга бўлган боғламалар ассортиментини кенгайтириш режалари мавжуд.

 Клиник синовларни ўтказдингизми? Анъанавий боғламалар билан таққослаганда боғламаларингизнинг самарадорлигини қандай баҳолайсиз?

Клиник синовлар ҳали ўтказилмаган. Айни пайтда биз маҳсулот устида ишлаяпмиз, у тайёр бўлганидан сўнг дарҳол клиникадан олдинги тестларни ўтказамиз.

Ишлаб чиқаришда биз маълум материаллар/моддалардан фойдаланамиз, уларнинг таъсири ва клиник самараси аллақачон маълум. Бу ташқи томондан қўллаш учун фармацевтика маҳсулоти бўлгани сабабли, биз клиник тасдиқдан ўтган таркибий қисмлардан фойдаланганлигимизни ҳисобга олган ҳолда, клиник синовлар ички қабул қилинадиган дори-дармонларга ёки янги дори-дармонларга қараганда камроқ босқичларни ва кам вақтни талаб қилади.

 Ўзбекистонда сизнинг маҳсулотингизга ўхшашлари борми? Шунга ўхшаш маҳсулотлар хорижда кенг тарқалганми?

Ўзбекистонда майда чақалар ва кесилган жойлар учун ўзи ёпишадиган кичик пластирлар ишлаб чиқарилади, уларда кўпинча микробга қарши моддалар (фурацилин, йод) сингдирилган пахта тампонлари ишлатилади. Аммо мураккаб, илмий асосланган технология ёрдамида ишлаб чиқарилган боғламалар йўқ. Биз Интернетда асосан фақат жарроҳлик чоклари (иплари)ни ишлаб чиқаришга ихтисослашган битта маҳаллий компанияни топдик. Уларда гемогубка, қон тўхтатувчи материал деб номланган маҳсулот бор, аммо у жаррроҳлик амалиёти пайтида ички органларнинг қонини тўхтатиш учун ишлатилади,  бизнинг маҳсулотларимиз эса ташқи томондан қўллаш учун мўлжалланган.

Чет элда замонавий боғлаш материталлари кенг ишлаб чиқарилмоқда ва, шарҳларга қараганда, яхши сотилмоқда. Маҳсулотларимиз хусусиятлари жиҳатидан ўхшаш бўлади, аммо улар ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш усуллари, таркиби ва, албатта, нархи билан фарқ қилади.

 Боғлаш материалларингизнинг тахминий нархи қанча? Оддий боғлаш материаллари билан таққослаганда нархдаги фарқ қандай бўлади?

Битта пакетнинг тахминий қиймати (5-10 дона) 50 минг сўмни ташкил қилади. Бу анъанавий боғламалар (дока бинтлар, пахтали тампонлар, ўзи ёпишадиган пластирлар) билан таққослаганда анча қимматроқ туюлиши мумкин. Аммо терининг майда шикастланишлари учун бинтлар, пластирлардан фойдаланиш етарли бўлса, куйиш, ётоқ яралари, сурункали яралар каби жиддий яраларда сиз қўшимча дори-дармон сотиб олишингиз керак, бу эса яраларнинг ҳолатига қараб яхшигина пул туриши мумкин. Бундан ташқари, кўпинча яра битгандан сўнг, маҳсулотнинг бир қисми ишлатилмай қолади (тюбикда), бу ҳам тежамли эмас. Замонавий боғламалардан фойдаланишда сиз боғлаш ва маблағларни ҳам назорат қилишингиз мумкин.

 Мақсадли аудиториянгизнинг таҳлилини, амалиётчи шифокорлар билан интервью ўтказдингизми? Қандай хулосаларга келдингиз?

Аудиторияни таҳлил қилиш ишлари шифокорлар ва беморлар учун алоҳида-алоҳида онлайн сўровномалар ёрдамида амалга оширилди. Маълум бўлишича, шифокорлар ҳам, беморлар ҳам дорилар билан биргаликда деярли классик материаллардан фойдаланадилар. Бундан ташқари, биз дорихоналарда хорижий аналоглар мавжудлигини текширдик ва чет эл аналоглари қиммат нархда бўлгани туфайли кенг қўлланилмаслигини аниқладик.

Биз бозорда бундай материалларни етказиб бериш ва тарғиб қилишнинг етарли эмаслиги тўғрисида хулосага келдик, биз бундан фойдаланишни истаймиз.

 Сиз Илғор технологиялар марказининг лабораторияларида ишлашни режалаштиряпсизми? Агар ҳа бўлса – қандай тадқиқотлар олиб борасиз / ўтказасиз?

Биз боғламаларимизнинг физикавий-кимёвий параметрларини ўрганиш бўйича тадқиқотлар ўтказишни режалаштирмоқдамиз.

Все новости