Yangiliklar

DEFUSEIT ЖАМОАСИ БИЛАН ИНТЕРВЬЮ

Қадрли дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0 иштирокчиси бўлган жамоалар билан интервьюлар туркумини чоп этишда давом этамиз.

Бугун биз суғориш учун мўлжалланган сувлар таркибидаги тузлар миқдорини камайтирувчи қурилмани ишлаб чиқишни кўзда тутувчи лойиҳа устида ишлаётган  DefuseIt жамоасидан интервью олдик.

 

Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз. Қандай маҳсулотни ишлаб чиқармоқчисизлар? Лойиҳа билан мақсадли аудиториянинг қайси муаммосини ҳал қилиб беряпсизлар?

Лойиҳамиз Defuse-it деб аталади, биз сув тозалаш қурилмасини, аниқроғи суғориш учун мўлжалланган сувлар таркибидаги тузлар миқдорини камайтирувчи қурилмани ишлаб чиқаришни кўзлаяпмиз. Бу шунчаки қурилма эмас, балки қарорлар қабул қилиш тизимига эга асбоблар тўплами бўлиб, у сувни тозалаш пайтида барча параметрларни, ҳатто фильтр юкламасигача бўлган  параметрни ҳисобга олади. Асосий вазифа фермерларга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кам харажатлар билан ишлаб чиқаришга кўмаклашиш.

 

 

Жамоангиз ҳақида гапириб берсангиз. Жамоангизга бундай қурилмани ясаш ғояси қандай келди?

Жамоамиз кичкина, аммо аҳил. Унда турли фаолият соҳаларининг мутахассислари ишлайди, жумладан:

 

Усмонов Азиз Магдалиевич, PhD, мелиорация техникаси бўйича эксперт.

Юсупов Муҳаммадсодиқжон, магистрант, дастурчи, LAN ва LoRa технологиялар бўйича мутахассис

Озодов Эзозбек, докторант, муҳандис-технолог.

Исмоилов Сарвар, магистрант, дастурчи, Web-дастурлаш бўйича мутахассис

 

 

Лойиҳангизнинг мақсадли аудиторияси ким?

Тушунган бўлсангиз, фермерлар ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашган кластерлар асосий аудиториямиз ҳисобланади.

 

 

 

Тажриба намунасини олишга муваффақ бўлдингизми? Агар ҳа бўлса, унда дала синовларини ўтказа олдингизми?

Бизда тажриба намунаси бор, унинг устидаги ишларни давом эттиряпмиз. Айтиш жоизки, синовларни ҳам ўтказишга улгурдик, мақтанишга арзигулик нарсалар ҳам бор, аммо қилинадиган ишлар ҳали кўп, чунки у ҳозирча мукаммал эмас. Биз биринчи натижани, яъни ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда етиштирилган помидорларни C.A.T 2.0 нинг биринчи босқичида ўтказилган дастлабки тақдимотда кўрсатгандик.

 

 

Тупроқ шўрланиши муаммосини ҳал этишнинг бошқа методлари ҳам борми? Улар билан таққослаганда сизнинг қурилмангиз қандай афзалликларга эга?

Ҳа, албатта, улар жуда кўп. Сувни чучуклаштириш, унга импульсли таъсир кўрсатиш ва механик тозалаш методлари мавжуд. Аммо улар тозалаш учун кўп вақтни талаб қилади, чунки сувни ичимлик эҳтиёжлари учун тозалашни кўзда тутади, бу эса жуда қийин жараён.  Бизнинг асосий афзаллигимиз: биз қурилмани шу ерда Ўзбекистонда йиғамиз ва бошқа мамлакатларга қараганда хизматларимизни тезроқ тақдим этишимиз мумкин.  Истеъмолчи учун сув тозалаш қурилмаларининг асосий муаммоси – жараённинг ўзида эмас, балки сервисда. Биз бунга мутахассис, UzAuto Motors компаниясининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича менежери Озода Исмоилова билан сессияда ишонч ҳосил қилдик. Биз хизматимизни хорижий етказиб берувчилардан фарқли ўлароқ буюртмачининг истаги бўйича исталган вақтда, ортиқча расмиятчиликсиз таклиф этишимиз мумкин.

 

 

Қурилманинг тахминий қиймати қанча? Унга фақат қурилманинг ўзи кирганми ёки техник хизмат кўрсатиш нархи ҳамми?

Қурилманинг тўлиқ тўплами қиймати 7 046 000 сўмни ташкил қилади. Одатда, мижозларимиз қурилманинг бошланғич конструкцияси учун тўлашга тайёр бўлади, яъни бунда тўпламда масофадан бошқариш тизими ва авария назорати тизими бўлмайди, бу уни анча арзонроқ қилади. Бу конструкцияни мижозга етказиб бериш ва ўрнатишни ҳам ҳисобга олган ҳолда 4 750 000 сўмга тушади.

 

 

 

Қурилмангизни мамлакатнинг турли ҳудудларидаги фермерлар орасида қандай илгари суришни режалаштиряпсизлар?

Биз намойиш қилишни энг яхши реклама деб ҳисоблаймиз. Ҳозир биз Андижон, Наманган, Фарғона ва Сирдарё вилоятларига мўлжал оляпмиз. Бўлғуси мижозлар билан бевосита алоқа давомида қурилмани намойиш этамиз. Фермерлар билан қишлоқларда учрашувлар ўтказишни режалаштирганмиз. Аммо ижтимоий тармоқлардаги коммуникациялар  имконияти ҳақида ҳам унутмаймиз. Ҳозир Телеграмда лойиҳамиз қандай ривожланаётгани ҳақида блог юритяпмиз, бу ҳамкорлик учун кластерларни жалб этишга ёрдам беради.

 

 

 

Илғор Технологиялар Марказининг лабораторияларидан фойдаланишни режалаштирганмисизлар? Агар ҳа бўлса, унда қандай мақсадларда?

Бизга биринчи учрашув чоғида Марказда суюқликлар таҳлили бўйича энг илғор технологиялар мавжудлигини айтишганди, шу боис биз бу имкониятдан агрегатимиз ишининг натижаларини, у сувни қай даражада сифатли тозалашини ва қурилманинг ишлаш методикасини қанчалик оптималлаштириш мумкинлигини текшириш учун фойдаланиш ниятидамиз. Биз 3D-принтер ёрдамида фильтр яратишни режалаштирганмиз, бу ҳақда биз марказнинг ажойиб мутахассиси Мўминов Ёқуб Вафоевич билан гаплашгандик, у бизга ўз ёрдамини таклиф қилди.

 

 

 

___________________________

Facebook тармоғидаги саҳифамиз: https://www.facebook.com/cat.science.accelerator/

Telegram-каналимиз: https://t.me/CATscienceAccelerator

Сайтимиз: http://cat-sa.uz/

Обуна бўлинг ва янгиликларни кузатиб боринг!

Все новости