Қадрли дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0 акселераторининг иштирокчи жамоалари билан интервьюлар туркумини давом эттирамиз.
Бугун биз ўсимлик сути ишлаб чиқариш бўйича лойиҳани тақдим этган Effect Organic Milk жамоаси билан суҳбатлашдик
— Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз. Қандай маҳсулотни ишлаб чиқаришни режалаштиряпсиз?
Ўсимлик сути – бу таркибида мой бўлган турли уруғлар, масалан, соя донлари, сули донлари, гуруч, гречкадан ҳамда бодом, оддий ёнғоқ, кедр ёнғоғи, ўрмон ёнғоғи, кокос, фундук, кунгабоқар уруғи каби маҳсулотлардан олинадиган сувли экстракт.
Ҳар бир турдаги сутни ишлаб чиқариш ўз технологик хусусиятларига ва ноу-хауга эга, ичимликларнинг ўзи эса таъми ва таркиби бўйича турли-туман бўлиб, озуқавийлигига кўра ёғлилик даражаси паст бўлган оддий сигир сутидан қолишмайди.
Бунда ўсимликдан олинган сут ичимликлари таркибида холестерин ва лактоза йўқ, шу боис улар анъанавий ҳайвон сутига муқобил, соғлом ва фойдали ҳисобланади. Веганлар, рўза тутувчилар ва сут оқсилига аллергияси бор ҳамда лактозани кўтара олмайдиганлар (айниқса, болалар) учун эса бу рационни бойитувчи ва ҳатто мазали сут ширинликлари, масалан, музқаймоқ, қуюлтирилган сут, десертлар билан тўлдирувчи асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланади.
— Жамоангиздаги мутахассислар ҳақида гапириб берсангиз
Юлдашева Мафтунабону — лойиҳа раҳбари
Илҳомов Акромхўжа — маркетинг ва маҳсулотни илгари суриш билан шуғулланувчи мутахассис
Ҳидоятов Иброҳим — технологик таъминот
Қодирова Зебо — техника фанлари доктори, профессор. Кимёгар.
— Бу маҳсулотни лактозани кўтара олмайдиган одамлар истеъмол қилиши мумкинлигидан ташқари, унинг яна қандай ижобий томонлари бор?
Саноат тарзида қайта ишланган сигир сутидан фарқли ўлароқ ўсимлик сутида гормонлар ва антибиотиклар йўқ.
Ўсимлик сутининг афзалликлари:
— сут альбуминлари ва казеиннинг йўқлиги, уларга аллергия бўлиши ёки улар ичакда яхши ўзлаштирилмаслиги мумкин;
— лактозанинг йўқлиги, охирги йилларда уни кўтара олмаслик ҳолатлари кўплаб одамларда кузатилмоқда, бу ҳолат ёш ўтиши билан чуқурлашиб боради;
— ўсимлик сутининг ёғлилик даражаси паст;
— ўсимлик сути таркибига ажойиб антиоксидант ҳисобланган С ва Е витаминлари киради;
— масалан, соя сутининг таркибида ўсимлик эстрогенлари, яъни изофлавонлар бор, улар қонда “ёмон” холестерин миқдорини камайтиради ва, демак, юрак-қон томир касалликлари хавфини пасайтиради;
— ўсимлик сути таркибида холестерин мавжуд эмас;
— маҳсулотни эҳтиёжга қараб минераллар билан бойитиш имконияти.
— Ўсимлик сути сигир сутига қараганда аллергияни камроқ келтириб чиқарадими?
Баъзида одам ўзида нимага аллергия борлигини ёши ўтганидан сўнг, сигир сутини ичганидан кейин қичишиш, кўнгил айниши, тошма, қорин шишиши ва ҳатто қусиш пайдо бўлганидагина кеч тушуниб етади. Бу кўпчиликнинг организмида лактозани парчалашга қодир бўлган фермент миқдори камлиги туфайли келиб чиқади. Шу боис айрим кишилар сигир сутини умуман ўзлаштира олмайди. Олимлар ва шифокорлар сут таркибидаги казеин моддасини уни кўтара олмасликнинг ҳақиқий сабабчиси деб тез-тез айтишмоқда.
Ўсимлик сутида эса холестерин, лактоза ва казеин йўқ, бундан ташқари у функционал элементлар, витаминлар ва минераллар билан бойитилади, аллергияни келтириб чиқармайди.
Ўсимлик сути таркибига турли ароматизаторлар, эмульгаторлар ва ўсимлик ёғи қўшилганида, у аллергенга айланиши мумкин.
— Маҳсулотингиз (вегетарианлар ва лактозага аллергияси бор кишилардан ташқари) қайси мақсадли аудитория учун қизиқарли бўлиши мумкин?
Маҳсулотимиз сут маҳсулотларига қайта ишлов берувчи ишлаб чиқарувчилар, хусусан, йогурт, творог, пишлоқ ва ҳ.к.ларни ишлаб чиқарувчи корхоналар, қандолатчилик корхоналари, соғлом ҳаёт тарзини юритувчи одамлар, спортчилар, қаҳвахоналар, парҳез қаҳвахоналар, ресторанлар, тиббий муассасалар ва шифокорлар тавсияси бўйича истеъмол қиладиган одамлар учун қизиқарли бўлиши шубҳасиз.
— Ўзингиз ишлаб чиқарадиган ўсимлик сутини қандай қилиб бозорда илгари суришни режалаштиряпсиз? Бизда шунга ўхшаш маҳсулот ишлаб чиқариладими?
Биз ижтимоий тармоқлар – каналлар, гуруҳлар, мақолалар ва telegram, facebook ва instagram (@effect_organic_milk) даги саҳифалар ҳамда ўсимлик сути ҳақидаги бошқа манбалар орқали таништириш ишларини бошладик. Мобил иловалар/етказиб бериш, махсус кичик гуруҳлар ва ҳ.к./ фитнес клублар, улгуржи ва чакана савдо орқали супермаркетлар ва гипермаркетларга сотишни режалаштиряпмиз.
Бундан ташқари, СКМга ва одамлар кўп тўпланадиган жойларга вендинг автоматларини етказишни режалаштиряпмиз.
Айни пайтда Ўзбекистонда ўсимлик сути саноат шаклида ишлаб чиқарилмайди, пештахталарда эса фақат Россия ва Европада ишлаб чиқарилган импорт маҳсулотни кўриш мумкин, холос.
— Маҳсулотингиз оддий сутдан қай даражада қиммат бўлади?
Ускуналар ва махсус ўрам қиймати юқорилиги сабабли нархлар оддий сутга қараганда қимматроқ бўлиши мумкин, аммо транспорт ва божхона харажатларини кўзда тутадиган импорт маҳсулотдан анча арзон бўлиши аниқ.
— Илғор Технологиялар Марказининг лабораторияларидан фойдаланишни режалаштирганмисиз? Агар ҳа бўлса, унда қандай мақсадлар учун?
Бизга рационларни танлаш ҳамда махсус ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ўрганишнинг оптимал режимларини белгилаш ва технологиясини ўзлаштириш учун лаборатория таҳлиллари зарур бўлади. Шунингдек, улар янги рецептлар ва таъмларни яратиш учун ҳам зарур!