Yangiliklar

Innocens Bio жамоаси билан интервью

Қадрли дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0 акселераторининг иштирокчи жамоалари билан суҳбатлар рукнини давом эттирамиз.

Бугун зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларига қарши курашиш учун органик хомашёдан биопрепаратлар ишлаб чиқариш лойиҳаси устида ишлаётган Innocens Bio жамоасидан интервью олдик.

 

Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз. Бозорга қандай маҳсулотларни чиқаришни режалаштиряпсиз? Бундай лойиҳа ғояси қаердан пайдо бўлди?

Лойиҳамиз номи — «Зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларига қарши курашиш учун органик хомашёдан биопрепаратлар ишлаб чиқариш».

Биз ўсимликларни зараркунандалар (шира, оққанот, қўнғиз, тунлам)дан ва касалликлар (занг, илдиз чириши)дан ҳимоя қилиш учун 7 хил турдаги биопрепарат устида ишлаяпмиз.

Бизнинг ёш компаниямиз доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Бундан ташқари, ўз ер участкаларимизда ўз ходимларимиз учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ҳам етиштирамиз. Уларни етиштириш даврида зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларига тез-тез дуч келамиз. Уларни ҳимоя қилиш воситаларини ўрганганимизда, Ўзбекистонда асосан кимёвий препаратлар қўлланишини аниқладик, уларнинг умумий ҳажмдаги солиштирма улуши 98% ни ташкил қилади ва фақат 2% гина биологик препаратлар ҳисобланади.

Шу ерда савол туғилади: Агар одамни доривор ўсимликлар ёрдамида даволаш мумкин бўлса, нега энди ўсимликларни ўз хомашёси билан даволаш мумкинмас? Шу тариқа ишни бошладик.

 

Жамоангиздаги мутахассислар ҳақида гапириб берсангиз

Жамоамизда қуйидаги мутахассислар бор:

— Агроном-консультант, ўсимликлар ҳимояси бўйича мутахассис: Бобобеков Қаландар, доцент, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди. Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида етарли иш тажрибасига эга.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича агроном: Бегибоев Олимжон, турли ўсимликларни культивациялаш билан шуғулланади, уларнинг зараркунандалари ва касалликларини ўрганади.

— Агрономлар:  Аманова Махфурат, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Тошкент Аграр университетининг сабзавотчилик, картошкачилик кафедраси профессори, ва Рустамов Абдумалик Сатторович, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.

— Технолог: Жўраев Ғайрат Нурмаматович, муҳандис-механик.

 

Зараркунандалар ва ўсимликлар касалликларига қарши курашиш учун препаратларингизнинг бозорда тақдим этилган ва аллақачон фойдаланилаётган препаратлардан фарқи нимада?

Биопрепаратлар органик (биологик, экологик) деҳқончиликда ўсимликларни зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилишнинг муҳим воситалари ҳисобланади. Ушбу ҳимоя воситаларининг асосий ўзига хос хусусияти уларнинг одам, атроф-муҳит, уй ва ёввойи ҳайвонлар, ҳашоратлар (чанглантирувчилар, энтомофаглар) ва бошқа биоценоз вакиллари учун зарарсиз эканлигидир.

Бундан ташқари, ҳашоратлар ва вирусли инфекцияларнинг ўсимликларни биологик ҳимоялаш методларига мослашиши йўқлиги натижасида фермердан бир турдаги препаратни мунтазам равишда бошқасига алмаштириш талаб қилинмайди. Бу синовдан ўтган воситалар гуруҳлари асосида қишлоқ хўжалик экинларини зараркунандалардан муҳофаза қилишнинг идеал формуласини чиқариш имконини беради.

Экинларга ишлов беришнинг эскирган кимёвий воситалардан фарқли ўлароқ, табиий воситалар ўз таъсиридан кейин ўсимликларнинг барглари ва пояларида из қолдирмайди. Ушбу хусусият нафақат атроф-муҳитнинг тозалигига, балки етиштириладиган сабзавотлар ва меваларнинг озуқавийлик сифатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Биологик воситаларни қўллагандан кейин бир неча кундан сўнг уларни истеъмол қилиш мумкин бўлади.

Биопрепарат ўз самарадорлиги бўйича минимум қўллаш муддатига эга. Ўсимликларга табиий ишлов бериш усулидан фойдаланиш, совуқ ва қорли мавсумлардан ташқари, йилнинг исталган фаслида имконли бўлади.

Анъанавий пестицидлар қай даражада хавфли?

Бу сўзнинг ўзи лотин тилига бориб тақалади: «пестис» — юқумли касаллик ва «цидо» — ўлдираман.

Пестицидлар инсон учун потенциал токсик бўлиб, дозасига ва инсон организмига тушиш йўлларига қараб, ҳам ўткир, ҳам сурункали токсик таъсирни кўрсатиши мумкин.

Айрим эски, арзон пестицидлар тупроқда ва сувда кўп йиллар давомида сақланиши мумкин. Ривожланган мамлакатларда бундай пестицидлардан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш тақиқланган, бироқ кўплаб ривожланаётган мамлакатларда улар ҳамон қўлланилмоқда.

Ушбу воситалар билан уйда ёки томорқасида бевосита ишлайдиган кишилар пестицидларнинг таъсири натижасида соғлиғини кўпроқ хавф остига қўяди.

 

Зарарсиз эканлигидан ташқари, препаратларингиз истеъмолчи учун яна нимаси билан мафтункор?

Бизнинг биопрепарат — барглар асосида, у мутлақо экологик тоза ва кўп ҳолларда самарали. Кимёвий ишлов бериш воситаларидан фарқли ўлароқ бизнинг препаратдан кейин ўсимликларнинг барглари ва пояларида излар қолмайди, тупроқ ҳам зарарсиз ҳолатда қолади. Бундан ташқари, улардан фойдаланганда тегинишдан қўрқмаса ҳам бўлади.
Ҳозир бозорда қўлланадиган препаратларнинг ҳаммаси деярли четдан олиб келинган, шу боис нархи ҳам юқори, бизнинг биологик маҳсулот эса ҳамёнбоп нархи билан мафтункор, уларни ўсимликлардан ташқари уй ҳайвонларида ҳам қўллаш мумкин, биз буюртмачининг муаммолари бўйича индивидуал ярим маҳсулотни тайёрлашни ҳам режалаштиряпмиз.

 

Дала синовларини ўтказдингизми?

Биз кукун тайёрлаганмиз, ҳозир у агроном О.Бегибоев томонидан Наманган вилоятининг фермер ва деҳқон хўжаликларидаги ер участкаларида синовдан ўтказиляпти. Натижа тез орада расмийлаштирилади ва биз у ҳақда ижтимоий тармоқларда ёзамиз.

 

 

 Муаммоли интервью натижалари нималарни кўрсатди?

Муаммоли интервьюлар давомида мутахассислар ва фермерлар барча саволларимизга жавоб беришди. Уларнинг фикрича, ўсимликларни асосан кимёвий воситалардан фойдаланган ҳолда ҳимоя қилмасдан туриб, юқори сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олишнинг имкони йўқ. Бундай ҳимоя воситаларининг самараси анча юқори бўлса-да, уларнинг экология билан боғлиқ муаммолари бор, буни фақат табиий бирикмалар асосидаги хавфсиз препаратларни қўллаш йўли билан яхшилаш мумкин. Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқиш ҳақидаги масала кимёвий воситаларни биологик воситалар билан алмаштириш ҳисобидан уларнинг улуши вақт ўтиши билан камайишини кўзда тутади.

Мутахассислар ва фермерларнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар экспорти ҳажмларини уларнинг экологик хавфсизлигини кафолатлаш ҳисобидан ошириш учун шароитлар яратиш мақсадида, 2019 йил 27 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида маҳсулотни ихтиёрий равишда экологик маркировка қилиш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 435-сонли қарори қабул қилинди. Бунда экологик хавфсизликнинг қуйидаги мезонлари кўзда тутилган:

— ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш, фойдаланиш, сақлаш, транспортировка қилиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш жараёнида маҳсулотнинг атроф-муҳитга таъсир қилиш, иқлим ўзгариши, биологик хилмахиллик, энергия тежамкорлик, табиий ресурсларга таъсир кўрсатиш ҳамда маҳсулотни утилизация қилиш жараёнида ҳосил бўлган чиқиндиларнинг таъсир қилиш даражаси;

— хавфли моддаларни хавфсизроқ моддаларга алмаштириш ва янги технологиялар ва бошқаларни қўллаш имконияти.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг асосий экспортчилари ҳисобланган сабзавотчилар, полизчилар, боғбонлар нафақат экологик, балки ташқи бозорда катта талабга эга бўлган, пестицидларсиз сифатли ва арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун асосан биологик препаратлардан фойдаланади.

 

Илғор Технологиялар Марказининг лаборатория қувватларидан қандай фойдаланишни режалаштиряпсиз?

Биз ИТМнинг лаборатория қувватларидан биопрепаратларни ишлаб чиқариш учун қўлланадиган ўсимлик хомашёси экстрактларини олиш учун фойдаланишни режалаштиряпмиз.

 

___________________
Бизнинг Facebook тармоғидаги саҳифамиз: https://www.facebook.com/cat.science.accelerator/

Бизнинг Telegram’даги каналимиз: https://t.me/CATscienceAccelerator

Сайтимиз: http://cat-sa.uz/

Янгиликларимизга обуна бўлинг ва уларни кузатиб боринг!

Все новости