Yangiliklar

Oral Plast гуруҳи интервью

Акселератор жамоалари билан интевьюлар туркумини давом эттирамиз. Бугун Oral Plast жамоаси ўз лойиҳаси ҳақида гапириб беради.

Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз. Унинг янгилиги нимада?

❗️Илмий янгилигимиз шундаки, биз стоматитни даволаш учун мўлжалланган препаратнинг янги турини – «ORAL PLAST» пластинкаларини оламиз.

Биз бу билан турли ёш ва имкониятларга эга кишиларнинг қулай ва соғлом ҳаёт кечириши масаласини ҳал қиламиз. Маҳсулотимиз тузалиш ва регенерация жараёнларини тезлаштиради, такрор инфекцияланишдан қочиш имконини беради.

Стоматит  — оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг тез-тез учрайдиган шикастланиши, у нафақат катталарда, балки бир ёшга тўлмаган чақалоқларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.

 

❓Жамоангизда қандай мутахассислар бор?

❗️Жамоамиз оддий нарсаларни яхшироқ ва самаралироқ қилишга одатланган кишилардан иборат.

 

Лойиҳа асосчиси ва муаллифи — Шерматова И.Б.

Мижозларни жалб этиш ва сақлаб қолиш учун маркетолог — Акбаров Н.А.

Янги маҳсулот турларини ишлаб чиқиш учун технолог — Алланазарова М.Б.

 

Нега сиз стартапни айнан шу йўналишда бошлашга қарор қилдингиз?

❗️Лойиҳада бизнинг танловимизга таъсир қилган бир нечта ноёб элементлар бор. Булар:

— Табиий компонентлар (ўсимликларнинг экстрактлари).

— Фойдаланишнинг универсаллиги (барча ёшдаги кишилар учун).

— Регенерациянинг тезлашиши.

— Муаммоли участкада фиксацияланиш ва таъсир кўрсатувчи компонентнинг узоқ таъсир кўрсатиши, бу тез тузалишга олиб келади.

 

Сиз таклиф қилаётган пластинкалар стоматитни даволашда қай даражада самарали?

❗️Стоматит асосан оғиз бўшлиғида учраши боис муқобил ечимларда кўплаб камчиликлар мавжуд. Масалан: гель ёки бошқа препарат суртилганида, у конкрет муаммоли участкада фиксацияланмайди. Шу сабабли даволаш курсини узайтириш керак бўлади…

Биз керакли участкада фиксацияланиш хусусиятига эга бўлган маҳсулотимизни ҳамёнбоп нархда таклиф қиламиз. Биз Ўзбекистонда илк бор стоматитни даволаш учун пластинка олиш технологиясини ишлаб чиқдик.

 

Сизнинг ечимингиз стоматитни даволаш учун мўлжалланган бошқа мавжуд дори воситаларидан нимаси билан фарқ қилади?

❗️Қиймати билан. Масалан, Камистад гель нархи – 27 500 сўмдан  34 000 сўмгача туради, Кальгель- 24 000 сўмни, Стоматофит – 35 000 сўмни ташкил қилади. Ушбу препаратларнинг 1 та тубаси ёки флакони бир даволаш курси учун етарли эмас.

Маҳсулотимизнинг тахминий қиймати эса якуний истеъмолчи учун – 10 000 сўмдан 12 000 сўмгача.

 

Сиз маҳсулотингизни фақат дорихоналарда сотишни режалаштиряпсизми? У дори воситаси сифатида рўйхатдан ўтказиладими?

❗️Маҳсулотимиз биологик фаол қўшимча (БФҚ) сифатида рўйхатдан ўтказилади. Қуйидагилар маҳсулотимизни тарқатиш ва илгари суриш тармоғига айланади:

— Дорихоналар

— Стоматология клиникалари (хусусий ва давлат)

— «Макро» ва «Корзинка» супермаркетлар тармоғи

— Болалар боғчалари

— Поликлиникалар

 

Бозорни ва истеъмолчиларни тадқиқ қилиш қандай натижаларни кўрсатди?

❗️Тадқиқотлар бозорда 98 га яқин дори препаратлари тақдим этилганини кўрсатди.

Аммо стоматитни даволаш учун пластинкалар шаклида бирортаям дори препарати мавжуд эмас.

 

Илғор Технологиялар Марказининг лабораторияларидан қай тарзда фойдаланишни режалаштиргансиз?

❗️Биз марказ лабораторияларида тадқиқотлар ўтказишни ва маҳсулотимизнинг якуний прототипини олишни режалаштиряпмиз.

Все новости