Yangiliklar

VR CEREBRI ЖАМОАСИ БИЛАН ИНТЕРВЬЮ

Азиз дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0 акселераторининг иштирокчи жамоалари билан суҳбатлар рукнини давом эттирамиз.

Бугун биз виртуал воқелик кўзойнакларидан фойдаланган ҳолда инсультдан кейинги реабилитация учун мобил иловани ишлаб чиқиш лойиҳаси устида ишлаётган VR Cerebri жамоасидан интервью олдик.

Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз. Бозорга нима чиқаришни режалаштиряпсиз? Бундай лойиҳа ғояси қаердан пайдо бўлди?

Мамлакатимизнинг ошиб бораётган аҳолисида соғлиқни сақлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматларининг сифати ва самарадорлигини ошириш  борасида эҳтиёж мавжуд. Ҳаёт давомийлигининг ошиши ва аҳолининг кексайиши муносабати билан касалланишлар тез-тез  содир бўлади. Масалан, инсультларнинг 2/3 қисми 65 ёшдан катта ёшдаги одамларга тўғри келади, Паркинсон касаллиги асосан 50 ёшдан кейин, Альцгеймер касаллиги 60 ёшдан сўнг учрайди. Кекса ёшли беморларнинг ҳаракатланиши қийинлигини инобатга олган ҳолда, биз уйда реабилитация қилиш дастурини яратишни хоҳлагандик. Беморларнинг менталитети шундайки, улар даволовчи машқлар билан мунтазам равишда шуғулланиши учун уларга мотивация керак.

Биз ҳаракат, когнитив ва психоэмоционал бузилишларга эга беморларни реабилитация қилиш учун виртуал воқеликни қўллаган ҳолда ўйин шаклидаги машқларни ишлаб чиқиш қизиқарли бўлган бўларди, деб ўйладик. Бизнинг виртуал воқелик (VR) воситамиз реал сценарийларни акс эттириш йўли билан хавфсиз муҳитда моторикани ўрганиш, билиш стратегиялари ва психоэмоционал фонни оптималлаштиришга ёрдам бериши мумкин. Биз юқоридаги муаммоларга эга беморларга кундалик фаолиятларини амалга оширишга ёрдам берадиган мобил иловани ишлаб чиқишни режалаштирганмиз.

Илова кундалик фаолият кўникмаларини, йўқотилган ҳаракат кўникмаларини, когнитив функцияларни тиклашга йўналтирилган топшириқларни ва эмоционал фонни нормаллаштириш воситаси сифатида арт-терапия компонентларидан бирини ўз ичига олади. Бемор вазифаларни қариндошлари ва мутахассислар ёрдамида ҳам, мустақил равишда ҳам бажариши мумкин бўлади.

 

Жамоангиз ҳақида гапириб берсангиз, унда қандай мутахассислар бор?

  • Мажидова Ёқутхон Набиевна – профессор, ЎзРнинг бош неврологи.
  • Мансурова Наргиза Асроровна — лойиҳа муаллифи, докторант (неврология)
  • Тошпўлатов Хусан Турғунович – виртуал воқелик бўйича IT-мутахассис,.

 

Иловангиз инсультдан кейинги реабилитацияда айнан қандай ёрдам беради?

Виртуал воқелик беморни тўлиқ виртуал оламга олиб киришни кўзда тутади. Наушникли VR гарнитурадан фойдаланиш смартфон экранида юз бераётган нарсаларнинг бемор томонидан қабул қилиниши кучайишига олиб келади ва организмдаги қабул қилувчи тузилмаларнинг турли бўғинларига таъсир кўрсатади.

Биз мияни беморга яхши бўлиши учун “алдаймиз”. Тескари сенсорли алоқани кучайтириш ва ҳар бир бемор учун унинг ҳаракатланиш имкониятларига мувофиқ равишда индивидуал виртуал ҳудудни яратиш фонида машқларнинг кўпроқ жадаллигига эришиш имконияти виртуал воқеликни қўллашнинг шубҳасиз афзаллиги ҳисобланади. Биз йўқотилган кўникмаларни тиклаш ва уларни яхшилаш учун бир нечта виртуал машқларни ишлаб чиқишни режалаштирганмиз, бу билан ҳаракатланиш функцияларини муайян фоизга тиклашга, реабилитация муддатларини қисқартиришга ва тиббий ходимларга тушадиган жисмоний юкламани камайтиришга умид қиляпмиз.

 

Сизларда илованинг тест версияси борми? Уни беморларда синаб кўрганмисизлар?

Бизда илованинг тест версияси бор, шу билан бирга ишлар ҳам давом этмоқда. Биринчи навбатда биз ўзимиз ишлаб чиққан машқларнинг бехатолиги ва аниқлигига ишонч ҳосил қилиш учун ўзимизда синовдан ўтказяпмиз. Айрим техник жиҳатлар устида ишлашимиз керак, улар бартараф этилганидан кейин беморларда синашга ўтамиз.

 

Сизнинг иловангиз билан ҳар қандай VR гарнитура, масалан нархи бўйича ҳамёнбоп Google CardBoard ҳам ишлаши мумкинми ёки ундан кучлироқ ва функционалроқ гарнитура зарур бўладими?

Аҳоли учун ҳамёнбоп бўлган мобил реабилитация воситасини яратиш мақсадларимиздан бири ҳисобланади, шу боис ҳар қандай VR гаринитурадан, шу жумладан Google Card Board дан ҳам фойдаланиш мумкин.

 

Маҳсулотингизнинг аналоглари борми? Бундай методика мамлакатимизда қўлланадими?

Дунёда виртуал реабилитациянинг ҳар хил турлари мавжуд, масалан, сенсорли қўлқоплар, роботлаштирилган механотерапия, MindMaze методи, Nirvana ва ҳ.к. Бизда Ўзбекистонда ҳаракат ва когнитив бузилишлар билан бирга кечадиган неврологик касалликларга эга беморларни даволаш учун мобил илова илк бор яратилади.

 

Умуман олганда, методингизнинг самарадорлигини ўзингиз қандай баҳолайсиз?

Тиббиёт ва соғлиқни муҳофаза қилиш бўйича мобил иловалар IT-технологиялар бозорида тоборо оммабоп бўлиб бормоқда. Интернетда мобил иловалардан фойдаланиш шифокорларга беморларни шахсан қабул қилиш борасида вақтни сезиларли тежашга ёрдам беришини исботлайдиган тадқиқотларни кўплаб топиш мумкин. Ўз навбатида, беморлар эса ўз соғлиғининг ҳолатини осонгина кузатиб бориши мумкин.

Аммо беморларимизнинг маданияти ва менталитети бундай инновацион ёндашувларга ҳали мослашмаган. Ҳар қандай муваффақиятли лойиҳа 99% қаттиқ меҳнатдан ва 1% инновациялардан иборат бўлади. Реабилитацияда ҳам худди шундай – биз яратган маҳсулотнинг самарадорлиги кўпроқ беморларнинг кундалик меҳнатига боғлиқ.

 

___________________
Бизнинг Facebook тармоғидаги саҳифамиз: https://www.facebook.com/cat.science.accelerator/

Бизнинг Telegram’даги каналимиз: https://t.me/CATscienceAccelerator

Сайтимиз: http://cat-sa.uz/

Обуна бўлинг ва янгиликларни кузатиб боринг!

Все новости