Yangiliklar

LOGOS ЖАМОАСИ БИЛАН ИНТЕРВЬЮ

Қадрли дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0 акселераторининг иштирокчи жамоалари билан интервьюлар туркумини давом эттирамиз.

Бугун афатикларда нутқни тиклаш учун мўлжалланган мобил иловани ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган LOGOS жамоасидан интервью олдик.

Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз.

Биз —LOGOS жамоасимиз, афатик пациентларнинг ўзбек тилида нутқини тиклаш учун мўлжалланган биринчи мультимедиа кўргазмали мобил илова устида ишлаяпмиз.

2019 йилги ЎзР миллий инсульт регистри маълумотлари бўйича инсультдан кейинги ногиронлик ҳолатлари 83,8% ни, инсультдан ўлиш ҳолатлари 17% ни, нутқ бузилиши – афазия – ҳолатлари чап ярим шар инсультидан кейин 80% ҳолатда кузатилар экан.

Биз бу илова билан инсультни бошидан кечирган беморлар нутқини реабилитация  қилишга ёрдам берамиз. Лойиҳанинг ноёблиги унинг тиббий ходимларга (бемор койкасида ёнида) ва беморларнинг қариндошларига (махсус тиббий маълумотсиз) ёрдамидадир. Одамларда уйдан чиқмасдан, машқлар учун вақт ва жой танламасдан, нутқни тиклаш учун узлуксиз интерфаол машқлар имконияти пайдо бўлади.

Жамоангизда қандай мутахассислар бор?

Жамоамиз икки нафар невролог, логопед-афазиолог, маркетологдан ташкил топган. IT-технологиялар бўйича тажрибали мутахассис керак.

 

Иловангиз билан шифокорлар кузатуви остида ишланадими ёки у кўпроқ уйда мустақил равишда фойдаланиш учун мос келадими?

У шифокор билан ишлаш учун ҳам, усиз ишлаш учун ҳам мос келади.

 

Афазияга эга беморларни даволаш ва реабилитация қилиш учун мобил иловаларнинг самарадорлигини текшириб кўрганмисиз?

Ҳа, текширганмиз. Ҳозирги оламда одамлар қўлидан смартфонни қўймайди, ундан нафақат алоқа воситаси сифатида, балки ахборот излаш учун ҳам фойдаланади. Тиббиёт ва соғлиқни сақлаш бўйича мобил иловалар IT-технологиялар бозорида оммалашиб бормоқда. Тиббиётда мобил иловаларнинг оммабоплиги мутухассисларни янги ва янги иловалар яратишга ундамоқда.

 

Муаммоли ва ечимли интервьюларни ўтказдингизми? Улар нимани кўрсатди?

Ҳа, ўтказдик. Муаммоли интервью бўйича сўровда қатнашган респондентлар (100 кишидан ортиқ) “нима деб ўйлайсиз, нутқни тиклаш – бу жуда қийин жараёнми?” деган саволга 79% киши “ҳа, жуда қийин ва меҳнат талаб қиладиган жараён” деб жавоб берди.

 

“Афатик-беморлар нутқини реабилитация қилиш билан ким шуғулланиши керак?” ва “Афатикларнинг нутқини тиклаш методикаларини биласизми?” деган саволларга респондентларнинг 75% “логопедлар, тиббий ходимлар ҳамда беморларнинг қариндошлари ва яқинлари” деган жавобни беришди.

“Нутқни реабилитация қилмасдан, у ўз-ўзидан тикланиши мумкинми?” деган саволга одамларнинг 71% нутқ реабилитациясиз тикланмаслигини ёки тикланиши тўлиқ бўлмаслигини айтди.

“Беморда нутқнинг йўқолиши қандай оқибатларга олиб келади?” деган саволга респондентларнинг 58% беморда нутқ йўқолиши билан, параллел тарзда ўқиш, ёзиш ва ҳисоблаш кўникмалари йўқолишини қайд этишди. “Нутқ бузилишларига эга беморлар қандай даражадаги ногиронликка эга бўлади” деган саволга респондентларнинг 41,7% “биринчи”, 37,5% – “иккинчи” деган жавобни беришди. “Нутқни тиклаш бўйича машғулотларни қачон бошлаш керак?” деган саволга респондентларнинг 67% “иложи борича тезроқ, онги равшанлашганидан сўнг жадал терапия палатасида” деган жавобни берди. “Беморларнинг нутқини тиклашга қандай омиллар таъсир кўрсатади?” деган саволга респондентларнинг 91% “логопед машғулотларини иложи борича эрта бошлаш, беморнинг хоҳиши ва тиббий ходимлар ва беморнинг яқинлари томонидан мотивациялаш” деган жавоб берди.

Ечимли интервью саволлари бўйича респондентларнинг 46% нутқни тиклаш учун реабилитация дастурлари камлик қилади деган жавобни; 40% катталар контингенти билан ишлаш маънавий жиҳатдан жуда қийин деган жавобни, 14% эса битта катта ёшли афатик билан ишлагандан кўра, 10 та бола билан шуғулланган маъқул деган жавобни берди.

“Инсультдан кейинги афазияни тиклаш нимага боғлиқ” деган саволга респондентларнинг 62% “беморнинг логопед машқларни ўз вақтида бошлаши билан боғлиқ” деган жавобни; 35% “шифокорнинг бемор билан махсус методик қўлланмалар бўйича ўз вақтида бошлаган машғулотларига боғлиқ” деган жавобн; 58% “мобил иловалар афатиклар билан машғулотлар учун қўшимча қўлланма бўлиб хизмат қилади” деган жавобни; 38 % «ундан беморнинг қариндошлари ва яқинлари фақат иш пайтида логопед билан фойдаланишлари мумкин» деган жавобни берган.

“Афатик-бемор мобил илова учун қанча пул тўлашга тайёр?” деган саволга респондентларнинг 42% 100 000 ва 60 000 сўм деган жавобни берди.

 

Иловангизнинг Ўзбекистонда ва дунёда аналоглари борми?

Ҳа, дунёда тахминан 22 та аналоги бор, уларнинг ҳаммаси инглиз, испан ва итальян тилларида, рус тилида бор-йўғи 2 та, ўзбек тилида  эса йўқ. Ўзбекистон бўйлаб, бутун Ўрта Осиё минтақаси бўйлаб биз – биринчилармиз: LOGOS — афатиклар учун ўзбек тилидаги биринчи мультимедиали кўргазмали мобил илова. Бугунги кунда афатикларнинг нутқини тиклаш учун ўзбек тилида бирортаям миллий методик қўлланма-илова йўқ.

Иловангизнинг тест версияси борми?

Ҳа, илованинг прототипи мавжуд, уни ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин.

______________________________________________________________

Бизнинг Facebook тармоғидаги саҳифамиз: https://www.facebook.com/cat.science.accelerator/

Telegram тармоғидаги каналимиз: https://t.me/CATscienceAccelerator

Сайтимиз: http://cat-sa.uz/

Обуна бўлинг ва янгиликларни кузатиб боринг!

Все новости