Yangiliklar

TUMOR ON TARGET ЖАМОАСИ БИЛАН ИНТЕРВЬЮ

Қадрли дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0. иштирокчи-жамоалари билан интервьюлар туркумини давом эттирамиз.

Бугун биз онкомаркерлар диагностикаси бўйича тест-тизимни яратиш лойиҳаси билан шуғулланаётган Tumor On Target жамоасидан интервью олдик.

 

Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз. Бозорга нима чиқармоқчисиз? Бундай лойиҳа ғояси қаердан пайдо бўлди?

HER2/neu  кўкрак бези саратони ўсмасининг маркерларидан бири ҳисобланади, HER2/neu амплификацияси ва/ёки гиперэкспрессияси 15-30% кўкрак бези саратони ҳолатида аниқланади. Ҳар бир конкрет ҳолатда махсус терапияни танлашда, шу жумладан қимматбаҳо терапияни, кўп ҳолларда эса токсик препаратларни тайинлашга индивидуал ёндашув  HER2-мақомни аниқлашда оптимал диагностик ёндашувларни танлаш заруратини белгилайди. Бугунги кунда онкопротеин даражасини аниқлаш имконини берадиган иммуногистохимия методи HER2 (Human epidermal receptor) онкогенини активлаштиришни баҳолашнинг энг аниқ методи ҳисобланади.

Бунда амалий лабораторияларнинг ҳаммаси ҳам ушбу методдан фойдаланиш имконига эга эмас, асосан махсус ускуна йўқлиги ва қиммат экани учун. Ўсимта ҳужайраларида HER2 генининг мақомини аниқлаш учун HER2-тестдан ўтказишнинг янги методларини жадал излаш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, полимеразали занжирли реакция (ПЗР)ни қўллашга асосланган унинг ДНК даражасидаги экспрессияси даражаси бўйича HER2 мақомини баҳолаш протоколи жуда яхши натижаларни намойиш қилди.

Биз бозорга ўзимиз томонидан ПЗР асосида ишлаб чиқилган метод ёрдамида ўсмали касалликларда HER2 мақомини тестдан ўтказиш бўйича хизматни чиқаришни режалаштиряпмиз. Лойиҳамиз менинг диссертация ишим тадқиқотлари натижасига асосланган. Ўсмали касалликларнинг HER2 ижобий вариантлари аниқланганида, ўсмаларга эга беморларни таргетли препаратлардан фойдаланган ҳолда таргетли терапияни қўллаб даволаш имконияти пайдо бўлади. Анъанавий кимё терапиясидан фарқли ўлароқ таргетли терапия айнан ўсмали тўқимага таъсир кўрсатади. Бу ўсмали касалликларга чалинган беморларнинг ҳаётини узайтиришга кўмаклашади.

 

Жамоангиз ҳақида гапириб берсангиз, унда қандай мутахассислар бор?

— Рустамова Шохиста Омонжоновна – лойиҳанинг асосчиси, илмий тадқиқотчи, М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Биофизика ва биокимё институтининг базавий докторанти. “Ёш олимларнинг академик мобиллиги” танлови асосида ва Илғор технологиялар маркази базасида 2016-2017 йилларда ўтказилган “Ошқозон саратонининг HER2 ижобий вариантларини тестдан ўтказиш методини ишлаб чиқиш” мавзусидаги лойиҳа раҳбари.

— Рустамова Шахноза Омоновна – халқаро даражадаги молиячи, бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш бўйича «General accounting» лойиҳа асосчиси ва таъсисчиси. “Бўстонлиқ ЭИЗда дори воситаларини ва биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш” лойиҳасининг муаллифи, “Pantos logistics” халқаро логистика компаниясининг бош бухгалтери.

 

Маҳсулотингизнинг мақсадли аудиторияси ким? Клиникаларми, шифокорларми, диагностика марказлари ёки беморларми?

Шифокор-онкологлар бизнинг мақсадли аудиториямиз ҳисобланади. Беморлар шифокорларсиз бундай тестдан ўта олмайди.

 

Маҳсулотингизнинг дастлабки версияси/прототипи борми?

Ҳа. Бугунги кунга келиб HER2 мақомини аниқлаш учун реал вақтда ПЗРни ўтказиш протоколи ишлаб чиқилган.

 

Қандай тадқиқотларни ўтказдингиз?

Реал вақтда ПЗР методи асосида HER2 мақомини аниқлаш протоколини ишлаб чиқиш учун тадқиқотлар ўтказилди. Шунингдек стандартлаштирилган иммуногистохимия (ИГХ) методи натижалари билан ПЗР натижаларининг солиштирма таҳлили амалга оширилди. Янги протоколни синовдан ўтказиш ишлари кўкрак бези саратонига ва ошқозон саратонига чаланган беморларнинг ўсма тўқимаси ва қони намуналарида ўтказилди.

 

Ҳозир Ўзбекистонда қўлланадиган диагностика методлари билан солиштирганда тестларингизнинг натижаси қай даражада аниқ?

ИГХ ва ПЗР натижаларини реал вақтда солиштириш 93,75% га тўғри келади. ИГХ натижалари билан номувофиқлик, ген миқдорининг ошиши ДНК даражасида кузатилмаслиги мумкинлиги факти билан изоҳланиши мумкин, оқсилларнинг юқори даражаси эса HER2 мақомини ИГХ методи ёрдамида баҳолаш имконини беради.  Шунингдек натижаларининг фарқ қилиши ИГХ методининг етарлича ўзига хос эмаслиги балн боғлиқ бўлиши мумкин, бунда HER2/neu рецепторли оқсилларининг умумий миқдори аниқланади. Шунга қарамасдан, кўп ҳолларда ПЗР-РВ нинг ИГХ билан мос келишини кўрсатди.

 

Дунёда маҳсулотингизнинг аналоги борми? Ўзбекистон клиникаларида шунга ўхшаш тест-тизимлардан фойдаланиладими?

Дунё миқёсида ПЗР ёрдамида HER2 мақомини аниқлаш энг янги метод ҳисобланади ва шу боис у унчалик кенг тарқалмаган, чунки ИГХ стандартлаштирилган метод ҳисобланади. Республикамизда ҳам айни пайтда HER2 мақомини аниқлаш учун ИГХ методи қўлланади, аммо бу фақат Республика Онкология Илмий Маркази лабораториясида амалга оширилади.

 

❓ Шифокорлар, диагностика марказлари, беморлар учун тест-тизимларингизнинг мафтункорлиги нимада?

Бизнинг тест-тизимимиз бошқа методлар билан солиштирганда қиммат эмас, флуоресцент микроскоп каби қиммат ускуналарни талаб қилмайди ва аниқ натижаларни тез беради. Республикадаги барча ҳудудларда жойлашган клиникалар ПЗР аппарат билан жиҳозланган. Тестдан ўтказиш натижалари таргетли препаратларни қўллаган ҳолда таргетли терапиядан фойдаланиш учун беморлар гуруҳини ажратиш имконини беради, ушбу терапия кимёвий терапиядан фарқли ўлароқ айнан ўсма ҳужайраларига таъсир кўрсатади.

 

❓ Илғор Технологиялар Марказининг лабораториясидан қай тарзда фойдаланишни режалаштиряпсиз?

Тадқиқотларимизнинг барча экспериментлари Илғор Технологиялар Марказининг базасида ўтказилган, шунингдек мижозларнинг биринчи оқимида HER2 мақомини аниқлаш ишларини ҳам Илғор Технологиялар Маркази базасида ўтказиш режалаштирилмоқда.

___________________

Facebook тармоғидаги саҳифамиз: https://www.facebook.com/cat.science.accelerator/

Telegram тармоғидаги каналимиз: https://t.me/CATscienceAccelerator

Сайтимиз: http://cat-sa.uz/

Обуна бўлинг ва янгиликларни кузатиб боринг!

Все новости