Yangiliklar

Hair in Pair гуруҳи билан интервю

Қадрли дўстлар, биз C.A.T. Science Accelerator 2.0 жамоалари билан интервьюлар туркумини беришда давом этамиз. Бугун биз соч ўстириш воситасини ишлаб чиқиш лойиҳаси билан шуғулланаётган Hair in Pair жамоаси билан суҳбатлашдик.

 

 Лойиҳангиз ҳақида гапириб берсангиз

Мен узоқ вақт давомида сочлар тўкилиши муаммоси устида ўйлаб келдим. Соч тўкилишига асосан эркаклар дуч келадиган муаммо сифатида қаралади, аммо аёллар ҳам ундан азият чекиши мумкин. Сочларнинг сезиларли тўкилишини касалликлар, стресс, витаминлар етишмовчилиги ёки нотўғри парвариш келтириб чиқаради.
Мен ҳамфикрларимни учратдим, биргаликда сочларнинг ўсишини тиклайдиган қандай воситалар борлиги билан қизиқдик, муайян воситаларнинг сочлар ўсишига таъсири ва самарасини изладик.

 

 Жамоангиздаги мутахассислар ҳақида гапириб берсангиз

 Рахмедова Маннона Тўлқин қизи- лойиҳа ғоясининг муаллифи. Биология (биофизика) соҳасининг мутахассиси.
 Цай Елена Александровна – ҳужайралар биологияси соҳасининг мутахассиси.
 Рахмедов Саидодил Равшанович – иқтисодчи, бизнес-режалар соҳасининг мутахассиси.
 Хаитбаева Лабиба Тўлқин қизи – маркетинг бўйича мутахассис

 

Сизнинг соч ўстириш воситангиз кўпроқ косметик воситалар сирасига кирадими ёки у тиббий препаратми?

Соч тўкилиши сабаблари турлича бўлиши мумкин. Уларнинг орасида қалқонсимон без билан муаммолар, стресс, вазннинг кескин йўқотилиши, авитаминоз, бош терисининг инфекцион касалликлари, гормонал бузилишлар ва ҳ.к. бор. Агар соч тўкилиши ҳажми ёки сийқабошлик локализацияси яққол ифодаланса, унда муаммо туғилади, бу борада мутахассисларга – эндокринологлар, гинекологлар, невропатологлар, трихологларга мурожаат қилиш керак бўлади. Диагностика ўтказилганидан кейин мутахассис-шифокор даволаш курсини ишлаб чиқади. Одатда, соч тўкилиши ички касалликлар оқибати ҳисобланади, шу боис уни даволаш ишлари икки йўналишда олиб борилиши керак, яъни касалликнинг ўзи ҳамда унинг оқибатлари даволанади. Бу ерда махсус косметик воситалар, маҳаллий қўллаш учун кремлар ва лосьонлар; лазер терапияси ва массаж; соч тўкилишига қарши халқ воситалари; тиббий шампунлар ва сочларни ўстирувчи воситалар ёрдамга келади.
Биз ишлаб чиқаётган восита, ўз моҳиятига кўра, косметик восита ҳисобланади, у дори воситалари билан комбинацияда соч тўкилиши муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради. Бизнинг воситамизнинг мавжуд косметик воситалардан фарқи шундаки, у илмий асосга эга, воситада қўлланадиган компонентлар сочлар фолликуласига таъсир кўрсатувчи моддаларни тадқиқ қилиш йўли билан илмий лабораторияларда ишлаб чиқилган.

 

 Ўзбекистон бозорида воситангизга ўхшаш воситалар борми? Агар бор бўлса, уларнинг фарқи нимада?

Агар сочларнинг ўсиш механизмларига таъсир кўрсатмайдиган шампунь, сочлар учун ниқоб каби воситалар ҳисобга олинмаса, айни пайтда Ўзбекистонда хорижда ишлаб чиқарилган «Миноксидил», «Регейн», «Минокс», «Парикофф» каби тиббий воситалар мавжуд. Санаб ўтилган воситалар таркибида миноксидил дори препарати бор, ушбу воситаларнинг нархи жуда қиммат ва улар ҳар доим ҳам сотувда бўлмайди, чунки улар импорт қилинади. Маҳаллий ишлаб чиқариш бозорида бизникига ўхшаш маҳсулот йўқ.
Биз ишлаб чиқаётган восита бошқа таркибга эга, нархи қиммат эмас, истеъмолчи учун ҳамёнбоп, шу билан бирга фойдаланишда қулай.

 

Ишлаб чиқиш жараёнида қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

Хомашё ва материалларнинг узлуксиз етказиб берилиши биз учун асосий муаммолардан бирига айланди, чунки хомашё Хитойдан олиб келинарди. Бутун дунёда жорий этилган карантин чоралари ва Хитойдан келадиган зарур компонентлар йўқлиги сабабли айни пайтда тадқиқотларимиз вақтинчалик тўхтатилган.
Шунингдек, яхшироқ натижаларга эришиш ва “тоза” маҳсулотни ишлаб чиқиш учун ҳозир бизга органик кимё соҳасининг тажрибали ва масъул мутахассиси зарур. Аммо бу муаммолар вақтинчалик, уларни муайян тартибда ҳал этиш мумкин.

 

Сочларни ўстириш учун мўлжалланган воситангизни бозорда қандай илгари суришни режалаштиряпсиз?

Маҳсулотимизни бозорда илгари суриш учун сайт ва ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш, ижтимоий тармоқларда реклама қилиш (инстаграм, телеграм, фейсбук), блогерлар билан ишлаш, Ўзбекистон Республикасида ҳар йили ўтказиладиган BeautyExpo Uzbekistan Халқаро ихтисослашган гўзаллик саноати кўргазмасида қатнашиш, трихологлар, гўзаллик салонларининг мутахассислари билан ишлаш, дорихоналарда ва beauty дўконларда сотиш каби маркетинг коммуникацияларидан фойдаланишни режалаштиряпмиз.

 

 Акселерация дастури давомида ўзингиз учун қандай янги нарсаларни билиб олдингиз?

Акселератор бозор таҳлили бўйича ахборотни тақдим этди, бу жуда долзарб масала. Шунингдек, стартаперлар бошқа лойиҳалар билан танишиш каби фойдали тажрибага эга бўлмоқда, бу эса, ўз навбатида, ўз лойиҳангизни ривожлантиришга ундайди. Бундан ташқари, бизнесни юритиш, жамоада ишлаш, интизом ва ҳамжиҳатлик кўникмаларига ўргатади.

 

Илғор Технологиялар Марказининг лабораторияларидан фойдаланишни режалаштиряпсизми? Агар ҳа бўлса, унда қандай мақсадлар учун?

Албатта, жамоамиз Илғор Технологиялар Маркази билан ҳамкорликда ўз лойиҳасини амалга ошириши мумкин. Бизнинг илмий тадқиқотлар, экспериментлар ва тажрибалар Илғор Технологиялар Маркази томонидан тақдим этиладиган лабораторияларда ўтказилиши мумкин. Биз ихтисослашган ускуналардан фойдаланишимиз, микробиология, биотехнология ва кимё соҳасининг бошқа мутахассисларидан консультациялар олишимиз мумкин.
___________________
Бизнинг Facebook тармоғидаги саҳифамиз: https://www.facebook.com/cat.science.accelerator/
Telegram’даги каналимиз: https://t.me/CATscienceAccelerator
Сайтимиз: http://cat-sa.uz/
Янгиликларга обуна бўлинг ва уларни кузатиб боринг!

Все новости