«ImmunoTea» жамоаси билан интервью

C.A.T. Science Accelerator Biotech 3.0 иштирокчилари билан интервьюлар туркумини бошлаймиз

Бугун ўз стартапи ҳақида ImmunoTea жамоаси гапириб беради, ушбу лойиҳа табиий компонентлардан тайёрланган чой ичимликларини ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

1. Лойиҳангиз ва ишлаб чиқаришни режалаштираётган маҳсулотингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Биз жамоамиз билан янги маҳсулот – ферментланган мевали чой устида ишлаяпмиз. Мақсадимиз мақсадли аудиториянинг турли сегментларидаги одамлар учун табиий ва фойдали чой ишлаб чиқаришдан иборат. Биз ушбу маҳсулот халқимизни иммунитетни мустаҳкамлайдиган, ғайратлибўлишга ёрдам берадиган, тетиклик бағишлайдиган ҳамда организмни витаминларнинг етарли миқдори билан таъминлайдиган сифатли ва табиий чой билан таъминлашига ишонамиз. Бунинг устига маҳсулотимиздан қандли диабет профилактикаси учун ҳам фойдаланиш мумкин.

 

2. Жамоангизда қандай мутахассислар бор?

Жамоамизда олтита мутахассис бор:

– Тайирова Дилобар Бахтиёровна — биотехнолог, технолог

– Ҳамдамов Бобурмирзо Бахтиёрович — фармаколог, маркетолог

– Тўхтаев Фарҳод Ҳакимович — биотехнолог, технолог, ишлаб чиқарувчи

– Шерматова Ирода Бахтиёр қизи – биотехнолог, технолог

– Эгамбердиев Номон Бобоевич — академик, профессор

– Мирзамахмудов Жамшид Дониёржон ўғли — маркетолог, дизайнер, IT-мутахассис

 

3. Лойиҳангизнинг мақсадли аудиториясини қандай баҳолайсиз? Истеъмолчингизни ёши нечада?

Биз дўконларда, дорихоналарда мижозлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишни ҳамда маҳсулотимизга эътиборни жалб этиш учун ижтимоий тармоқлардаги ўз каналларимизда уни илгари суришни режалаштиряпмиз.
Шунингдек, доимий мижозлар учун дисконт чегирмалар тизими устида ишлаяпмиз, турли мавсумий касалликлар ҳақидаги огоҳлантиришларни ўз ичига олган флаерларни тарқатишни режалаштирганмиз.
Сотиш нуқталарида маҳсулотимизнинг бепул дегустациясини ўтказамиз.

Мақсадли аудиториямиз бу:
— ҳар куни чой истеъмол қиладиган кексалар (50+ ёшидаги кишиларнинг кўпчилиги чой ичишга одатланган, шунингдек улар турли касалликларга мойил бўлади)
— Йирик шаҳарлар аҳолиси (шаҳарлар аҳолиси экология ёмонлиги сабабли турли мавсумий инфекцияларга чидамли бўлмайди)
— Спортчилар ва соғлом ҳаёт тарзини юритувчи кишилар

 

4. Фойдаланувчилар билан чой дегустациясини ўтказиб кўрдингизми? Унинг таъм сифатлари ҳақида қандай фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда?

Ҳозирча маҳсулотимиз дегустациясини ўтказганимиз йўқ, ҳозир ўзимиз дегустация қиляпмиз ва тажриба ўтказяпмиз. Маҳсулотимиз қуйидагилардан иборат:
* Олмали чой – бироз ширин ва олма таъмли
* Тутли чой – ҳиди кўк чойни эслатади
* Олчали чой — олча бўйли кўк чойни эслатади
* Шафтоли чой — қора рангли хушбўй ичимлик
* Хурмоли чой — ҳиди олчани эслатади, қора рангли ичимлик

 

5. Маҳсулотингиз ҳозир дўконларда ва дорихоналарда сотилаётган бошқа чой маркаларидан нимаси билан фарқ қилади?

Маҳсулотимиз бошқа чойлардан табиийлиги, таркибида ароматизаторлар йўқлиги ва ферментация жараёни билан фарқ қилади.

 

6. Сизнинг ҳисоб-китобларингизга кўра, маҳсулотингизнинг қиймати худди шундай маҳсулотларникидан қай даражада фарқ қилади?

Оғирлиги 100 шр бўлган бир қути чойнинг тахминий қиймати якуний истеъмолчи учун 12-18 минг сўмни ташкил қилади. Бу бошланғич ҳисоб-китоблар.

 

7. Акселераторнинг барча иштирокчиларига Илғор Технологиялар Марказининг лабораторияларидан фойдаланиш имконияти тақдим этилади. Улардан қандай фойдаланишни режалаштиряпсиз?

Биз полифенолларни сифат ва миқдор жиҳатдан аниқлаш учун чойни юқори самарали суюқликли хроматография методи ёрдамида таҳлил қилишни ҳамда патоген микроорганизмлар бор-йўқлиги бўйича микробиологик таҳлил ўтказишни режалаштирганмиз.